Россияда ўқувчиларнинг дарсига халақит бермасин деб, Instagram, Facebook, Twitter, TikTok фойдаланувига чекловлар жорий этилган эди. Яқинда бу ташаббуснинг натижасини аниқлаш мақсадида сўровнома ўтказилди.
Сўровномада 1000 та ота-она, 500 та ўқитувчи қатнашди. 10 нафар ота-она ва педагоглардан атиги 3 таси бундан сўнг болаларнинг ўзлаштириши яхшиланганини айтишди. Бу эса оз кўрсаткичдир.
Ота-оналарнинг 54 фоизи ижтимоий тармоқ чекланганидан кейин болаларда ўзгариш сезишмаган. Айтишларича, фарзандлари барибир бошқа йўллар билан ижтимоий тармоқларга киришга уринишяпти ва буни уддалашяпти. 30 фоиз ота-оналар чеклов таҳсилга ижобий таъсир кўрсатганини таъкидлашди. 6 фоизи эса бу акс натижа бериб, салбий ўзгаришлар ясаганини қайд этди.
Педагогларнинг фикри ҳам ота-оналарникидан деярли фарқланмайди. Ўқитувчиларнинг 41 фоизи "Ўқийдиган бола ўқийверади, ижтимоий тармоқ баҳона холос", қабилида кўрсатма берган.
Аслида, боланинг ўзлаштиришига ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг таъсири у қадар катта ва салбий эмас. Фақат бунинг учун уларни кичик ёшдан бошлаб тармоқдан фойдаланиш бўйича қатъий интизомга ўргатиш керак. Ўқишдан бўш вақтида, маълум соатлар давомидагина гаджетлар ёки социал тармоқдан фойдаланишга ўрганган бола ҳеч қачон дарс вақтида инстаграмда жонли эфир қилиб ўтирмайди, назаримизда.
Хўш, сиз нима деб ўйлайсиз? Фарзандларингизни ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш уларга қандай таъсир қилади? Сиз уларни бу борада қанчалик назорат қиласиз?
Жавобларингиз ва ушбу мавзудаги мулоҳазалариннгизни @bolalarolamiadmin ёки @bolalarolami_bot орқали бизга юборишингиз мумкин