x

O'rta-maxsus ta'lim

Синфдан-синфга ёки бошқа мактабга ўтиш тартиби қандай? Кимга мурожаат қилинади? Ўқувчи хориждаги мактабдан Ўзбекистондаги мактабга кўчирилганда у ердаги мактабда ўқиганлигини тасдиқловчи ҳужжат бўлиши шарми? Ота-оналар нима қилиши керак? hudud24.uz шулар ҳақида батафсил ҳуқуқий маълумот беради.

1. Болани бошқа синфга ўтказиш мумкинми?

Ота-оналар ўз хоҳишига кўра ўқув йили давомида ёки у тугаганидан сўнг фарзандини синфдан синфга ўтказиш ҳуқуқига эга. Яъни ҳар қандай ота-она ёки унинг ўрнини босувчи шахслар бола манфаатларини кўзлаб болани бошқа синфга ўтказиши мумкин ва бунинг учун ҳеч қандай тўлов талаб қилинмайди, бу бўйича ҳеч қандай чеклов йўқ.

2. Кимга мурожаат қилинади?

Ота-она мактаб директорига ариза билан мурожаат қилиши керак бўлади. Директор эса аризани 1 иш куни ичида кўриб чиқади ва болани бошқа синфга ўтказиш бўйича буйруқ чиқаради. Агар бошқа синфда бола учун жой бўлмаса (синфдаги ўқувчилар сони белгиланган меъёрдан ортиқ бўлган тақдирда) мактаб директори ота-оналарга 3 кун ичида ёзма равишда рад жавобини беради.

3. Ариза қачон кўриб чиқилади?

Ота-оналар кўчириш сабабларини кўрсатган ҳолда ариза ёзади.

Директор аризани 1 иш куни ичида кўриб чиқади ва бошқа мактабга тақдим этиш учун “мактабдан кетиш талони” беради.

Бошқа мактабнинг директори эса ариза билан “мактабдан кетиш талони”ни қабул қилиб, ота-онага боланинг олдин таълим олган мактабига тақдим этиш учун “мактабга келиш талони”ни беради.

Боланинг олдин таълим олган мактаби директори “мактабга келиш талони”ни қабул қилиб, ўқувчини мактаб ўқувчилари сафидан чиқариш тўғрисида буйруқ қабул қилади ва ота-оналарни буйруқ билан таништириб, қўл қўйдиргандан сўнг, ота-онага қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ўқувчининг мактаб ўқувчилари сафидан чиқарилганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;

ўқувчининг баҳолар (ўзлаштириш) табели;

ўқувчининг тиббий картаси.

Ушбу ҳужжатларни қабул қилиб олган бошқа мактаб директори эса шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради.

4. Болани чет элдаги мактабга кўчириш мумкинми?

Ота-оналар ўқиш, ишлаш, узоқ муддатли даволаниш ёки бошқа мақсадларда доимий ёки вақтинча яшаш учун хорижий давлатга кетаётган бўлса, фарзандини доимий ёки вақтинча яшаш учун кетаётган давлатдаги таълим муассасасига ўтказиш ҳуқуқига эга.

Бунинг учун, ота-она мактаб директорига ариза билан мурожаат қилиши керак, аммо аризага Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиясининг болани мактаб ўқувчилари сафидан чиқариш учун розилиги акс этган қароридан кўчирма илова қилиниши керак.

Аризани олган директор 1 иш куни ичида тегишли буйруқ чиқаради.

5. Чет элдаги мактабдан Ўзбекистондаги мактабга кўчирса-чи?

Ота-оналар хорижий давлатда таълим олган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган фарзандини Ўзбекистон Республикасидаги мактабга ўтказиш ҳуқуқига эга.

Бунинг учун, ота-она мактаб директори қуйидаги ҳужжатларни тақдим қилиши керак:

ота-она томонидан мактаб директори номига ариза;

боланинг хорижий давлатда таълим олганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг (ҳужжатларнинг) асли ва нотариал тасдиқланган таржимаси;

боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотнома.

Ҳужжатларни қабул қилган мактаб директори 1 иш куни ичида болани мактабга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради.

 

6. Хориждаги мактабда ўқиганлигини тасдиқловчи ҳужжат бўлиши шарми?

Боланинг хорижий давлатда таълим олганлиги ҳақидаги ҳужжат мавжуд бўлмаганда, мактаб директори болани унинг ёши ва билим даражасига мос синфга қабул қилиши лозим.

Қўшимча маълумотлар

Ўқувчиларни синфдан синфга ва бир мактабдан бошқасига ўтказиш бепул амалга оширилади.

Ўқувчилар бошқа мактабга кўчса ёки бошқа синфга ўтса, таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқига эга.

Жиноят содир этган вояга етмаганларни мактаб ўқувчилари сафидан чиқариш Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиясининг розилиги билан амалга оширилади.

To Top ↑
To Top ↑