Кундалик ҳаётимизда биринчи ёрдам кўрсатишга доим ҳам зарурат бўлавермайди. Аммо ёқимсиз ҳолатлар кутилмаганда рўй бериши мумкин. Шу сабабли ҳар қандай вазиятга ҳам тайёр туриш керак. Айниқса, бошқа бир инсоннинг ҳаёти сизнинг кўникмаларингизга боғлиқ бўлса. Қуйида Don't Panic томонидан тақдим қилинган биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича ҳар бир инсон билиши керак бўлган беш асосий тамойилни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Сунъий нафас
Сунъий нафас ҳар бир инсон билиши керак бўлган элементар реанимацион хатти-ҳаракатлар сирасига киради. Жабрланувчига кислород етказиш учун шунчаки юзма-юз нафас олишнинг ўзи кифоя, деб ўйламанг. Биринчи навбатда, нафас йўлларини текшириб, зарурат туғилган тақдирда, бирор бир предмет, қон ёки балғам бўлса, ташқарига чиқариб ташлаш керак. Илк 10 ҳаво юборишни тезликда бажаринг, кейин эса бир дақиқада 20 нафас ритмини қўлланг. Ёдингизда бўлсин: агар инсоннинг кўкрак қафаси кўтарилаётган бўлса, демак, барчаси тўғри кетмоқда.
Юрак массажи
Агар жабрланувчининг пульси йўқлигини сезсангиз, юракни массаж қилиш керак. Кўкрак қафасининг энг қисқа ва тор қисмини аниқланг ва унинг четидан 2-3 сантиметр ўлчанг - бу компрессия нуқтаси бўлади. Кафтнинг асосини шу ерга қўйинг, уни иккинчи кафт билан ёпинг - босим айнан шу қисмлар билан амалга оширилади. Ритмик босимларни кучли, вертикал йўналишда амалга оширинг. Бироз тер тўкишингизга тўғри келади: частота дақиқасига 110 мартани ташкил қилиши керак. Пульс бўлса, юрак массажига ҳожат йўқ.
Геймлих усули
Бу усулни Америка кинофильмларида намойиш қилишни яхши кўришади. Жабрланувчининг орқасига туриб оласиз, уни киндик соҳасининг юқори қисмидан, қовурғалар остидан ушлайсиз. Шундан сўнг куч билан унинг қорнини босасиз – бу ҳаракатни одатда бир неча марта такрорлашга тўғри келади.
Хушдан кетиш
Хушдан кетиш кислород етишмовчилиги натижасида юзага келади – мияда қон айланиш бузилади ва организм танани ўчиришга буйруқ беради. Бу ерда бир нарсани англаб етиш муҳим – инсон тетиклаштирувчи ҳаво оқими кўпайгандагина тезроқ ўзига келади. Жабрланувчини ойна яқинига ётқизинг ва уни ҳавони тўсувчи кийим ёки аксессуарлардан халос қилинг. Юзга сув пуркаш зарар қилмайди, агар қўл остингизда дорилар қутиси бўлса, нашатир спиртидан фойдаланинг.
Заҳарланиш
Озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланганда, биринчи навбатда, ошқозонни заҳарли егулик қолдиқларидан тозалаш керак. Бунинг учун энг яхшиси – бир литр сувга 10 грамм туз солинган сувни ичиш мақсадга мувофиқ. Қайд қилиш ҳолатини келтириб чиқариш учун бундай сувнинг 2-3 пиёласи етарли.